«Ҳар бир давлат хизматчиси ҳар куни ўзи эгаллаб турган лавозимига лойиқлигини исботлаши шарт»

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг беш устувор йўналишлари бўйича ҳаракат стратегиясини амалга оширишга оид «Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили»даги Давлат дастури тўғрисида»ги Фармонида дастурда назарда тутилган тадбирларни амалга ошириш учун масъул давлат органлари ва ташкилотларнинг ўз вазифаларини тўлақонли бажариши шартлигига эътибор қаратилган  бу хакда KUN.UZ сайти хабар бермокда.

Давлат дастурига асосан 2018 йил 1 июлга қадар Давлат хизмати тўғрисида қонун ишлаб чиқилади.

Адлия вазирлиги матбуот хизмати хабарига кўра, қонунда давлат хизматчиларининг ҳуқуқий мақоми, моддий ва ижтимоий таъминоти, давлат хизматига ишга ўтиш, хизматни ўташ ва хизматдан бўшаш тартиби белгиланади.

Қонуннинг қабул қилиниши давлат идораларида хизматни ҳақиқатдан нуфузли фаолиятга айлантиради, давлат хизматчиларининг меҳнат ҳақи ва ижтимоий ҳимояси учун муносиб тизимни шакллантиради, юклатилган вазифаларнинг сифатли ижроси учун давлат хизматчиларининг жавобгарлигини оширади.

«Давлат дастурида назарда тутилган тадбирларни амалга ошириш учун масъул давлат органлари ва ташкилотлар энг аввало замонавий ишлаб чиқаришни жорий этишга мўлжалланган инновацион ғоялар ҳамда технологияларни, фаол тадбиркорликни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантиришга, ҳудудлар ижтимоий-иқтисодий салоҳиятининг барқарор ўсиши ва аҳолининг ҳаёт даражаси ҳамда фаровонлигини оширишга кўмаклашувчи фан ва инновацион фаолиятни жадал ривожлантириш учун зарур шарт-шароитларни яратишга, илғор фикрлайдиган, ташаббускор ва масъулиятли ходимлар ҳамда фуқароларни ҳар томонлама амалий қўллаб-қувватлашга, «Ҳар бир давлат хизматчиси ҳар куни ўзининг меҳнати билан эгаллаб турган лавозимига лойиқлигини исботлаши шарт» деган қоидани рўёбга чиқаришга алоҳида эътибор қаратсин», дейилади фармон матнида.

Манба KUN.UZ сайти